Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва уларнинг айланишини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5460-сон
Фармони
ижросини таъминлаш мақсадида:
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб:
ариза берувчининг хоҳишига кўра Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестридан (кейинги ўринларда — Давлат реестри) кўчирма тақдим этиш орқали дори воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги гувоҳномасини (унинг дубликатини) бериш тўғрисидаги талаб бекор қилинади;
давлат органлари ва ташкилотлари давлат хизматларини кўрсатишда дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги кўчирмани Давлат реестридан мустақил равишда электрон шаклда оладилар;
ўлчаш функцияларига эга тиббий техникани қиёслаш, шунингдек, тиббий техникани мажбурий даврий синовдан ўтказиш Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази томонидан белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган юридик шахслар томонидан амалга оширилади;
дорихоналар ва уларнинг филиаллари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда махсус ускунадан фойдаланган ҳолда дорихона шароитида қадоқланган, ўралган ва маркировка қилинган «ангро» маҳсулотини сотиш ҳуқуқига эга;
тиббиёт муассасалари, шу жумладан давлат тиббиёт муассасаларига «ангро» маҳсулотини дори воситаларини сақлаш ва тарқатиш тартибига риоя қилган ҳолда сотиб олишга рухсат этилади.
3. Белгилансинки, «ангро» маҳсулоти деб йирик қадоқда ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган, шунингдек, кейинчалик тайёр дори воситаларини ишлаб чиқариш (тайёрлаш) учун ишлатиладиган дори воситаси ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кунлик муддатда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби тўғрисидаги
низомни
тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
2018 йил 1 ноябрга кадар муддатда дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминласин;
2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда дорихона шароитида «ангро» маҳсулотини қадоқлаш, ўраш ва маркировка қилиш учун махсус ускуналар мавжудлигига, шунингдек, маҳсулотни қадоқлаш, ўраш, маркировка қилиш ва сотишни амалга ошираётган шахсларнинг малакасига доир талабларни ўз ичига олган дорихоналар ва уларнинг филиаллари томонидан «ангро» маҳсулотини сотиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
2019 йил 1 апрелга кадар муддатда Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази билан биргаликда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникага берилган мувофиқлик сертификатларини мониторинг қилиш ягона ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва жорий этсин;
икки ой муддатда Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПҚ-3487-сон қарори билан тасдиқланган Товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган, стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналари
рўйхатининг
рус тилидаги матни қуйидаги мазмундаги 19-банд билан тўлдирилсин:
«19. АК «Dori-Darmon».
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 24 сентябрь,
ПҚ-3948-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.09.2018 й., 07/18/3948/1954-сон; 11.01.2019 й., 06/19/5624/2471-сон, 01.01.2020 й., 07/20/4554/0014-сон; 27.10.2022 й., 07/22/411/0961-сон; 23.08.2025 й., 06/25/137/0777-сон)